03.07.2024
182
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ - 2024: қадриятлар, муаммолар ва кутилмалар ҳақида
30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар куни нишонланди. 14-30 ёш тоифаси вакилларининг сафи тобора ортиб бораётган бизнинг мамлакатимизда йигит-қизларнинг билим олиши, меҳнат қилиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш билан мамлакат раҳбарияти ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда ёшларнинг ролини янада мустаҳкамлашга интилишини белгилади. Шу муносабат билан жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган дастурий ҳужжатларни амалга ошириш доирасида ёшларда замонавий иқтисодиёт ва тадбиркорлик учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган янги таълим дастурларини жорий этиш, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун платформага айланадиган кичик саноат зоналарини ташкил этиш режалаштирилган.
Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига эришиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида, шунингдек, ёшларнинг долзарб масалаларига, жумладан, замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш учун шарт-шароитлар яратишга, йигит-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, уларнинг илмий фаолиятини рағбатлантиришга, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини пасайтиришга, ахборот технологиялари соҳасини оммалаштириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.